Жиззах вилоят ҳокимлиги Анжуманлар саройида 1 октябрь - “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Тантанали тадбирида сўзга чиққан вилоят ҳокими Эргаш Салиев соҳа ходимларини байрам билан табриклади.
Вилоят ҳокими ўз сўзида “Аввало, сизларни — таълим ва тарбия соҳасининг барча фидойи ходимларини умумхалқ байрами "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Шу улуғ айём кунларида ўз ҳаётини ёшларга билим, тарбия беришдек энг эзгу ишларга бахшида этган заҳматкаш устоз ва мураббийларга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эҳти-ромимни изҳор этишдан бахтиёрман” деб барчани байрам билан самимий муборакбод этди.
Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги Фармонига кўра умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртларининг ўқитувчи ҳамда тарбиячиларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлдилар.
Жумладан, “Дўстлик” ордени билан Пахтакор туманидаги “КИДДИE” давлат хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти директори Галина Азаматова, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактаби чанг синфи ўқитувчиси Рустам Ибрагимов, “Шуҳрат” медали билан Дўстлик тумани 6-умумий ўрта таълим мактаби тасвирий санъат ва чизмачилик фани ўқитувчиси Алишер Шодиёров, Бахмал тумани 66-умумий ўрта таълим мактаби физика фани ўқитувчиси Гулчеҳра Қўнишева, Жиззах Давлат педагогика университети информатика ва уни ўқитиш методикаси кафедраси катта ўқитувчиси Хуррам Тангиров, Жиззах шаҳридаги Президент мактаби информатика фани ўқитувчиси Бекзод Насимовнинг тақдирланишди.
Юксак давлат мукофотларини вилоят ҳокими Эргаш Салиев эгаларига тантанали тарзда топширди.
Шунингдек, соҳада фаол бўлган бир гуруҳ вакиллар ҳам эсдалик кўкрак нишони ва вилоят ҳокими фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Байрамда пойтахтимиздан келган таниқли санъаткорлар ҳамда маҳаллий санъаткорлар чиқиши барчани хушнуд этди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати