Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланган самарали фаолият юритувчи бошқарув тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан, давлат органларининг соҳага оид бўлмаган вазифаларини қисқартириш ва фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали уларнинг тузилмаси ўртача 15 фоизга мақбуллаштирилди, шунингдек, 26 та давлат органлари ва ташкилотларида 40 та раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилди.
Давлат органлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш ҳисобидан бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яхшилаш мақсадида 30 га яқин турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилди, давлат ташкилотлари томонидан 60 дан ортиқ ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди.
«Электрон ҳукумат» тизимининг фойдаланувчилари сони 4 миллиондан ошиб, у орқали давлат идораларининг 130 дан ортиқ ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари яратилди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қарийб 350 турдаги хизматлар онлайн шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилди.
2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилди.
Вазирликлар тегишли соҳаларда ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи, муайян йўналишда ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳамда тизимдаги раҳбарий фаолиятни яккабошчилик асосида ташкил этадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланиши белгиланди.
Ш.Ғозиев
Дўстлик туманлараро
иқтисодий суди раиси
скачать dle 12.0