Ўзбекистон Республикаси Конуституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади. Бош қомусимизнинг 67-моддасига асосан тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Шу қаторида, жорий йилнинг 30-сентябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 968-моддасини мисол келтириш мумкин.
Ушбу қонунга асосан суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш учун прокурор иштирокини ҳамда қабул қилинган суд ҳужжатларига нисбатан шикоят қилиш механизмини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига киритилган янги нормалар ҳақида гап юритадиган бўлсак, мазкур Қонун билан ушбу кодекснинг 148, 2301, 249 ва 260-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 46-моддасига кўра, прокурор фуқаролар ва юридик шахсларнинг, шунингдек жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиб, судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, шунингдек, қонунда назарда тутилган ёки суд мазкур ишда прокурор иштирок этиши зарур деб топган ҳолларда ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларда, шунингдек прокурорнинг аризаси асосида қўзғатилган ишларда прокурор иштирок этиши шарт эканлиги белгилаб қўйилган.
Мазкур кодекснинг 2301-моддаси талабига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари ушбу Кодекс 224-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар, яъни ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда ёки прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича кассация протести киритиш тўғрисидаги масаласини ҳал қилиш учун тегишли суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эдилар.
Мазкур моддага киритилган ўзгартиришга кўра, прокурорлар томонидан қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган бўлиб, бироқ у суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган ишлар бўйича кассация протести киритиш тўғрисидаги масаласини ҳал қилиш учун тегишли суддан ишни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Бундан ташқари, қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган бўлиб, бироқ у суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган иш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, шунингдек тафтиш тартибида қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Олий суд Раёсатига тафтиш тартибида протест келтириши мумкинлиги белгиланди.
Бу эса келгусида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қилиниши, маъмурий ва бошқа оммавий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбуарликларни олдини олишдан иборатдир.
Ёров Ҳабибулло Абдулхаевич
Жиззах вилоят маъмурий
суди судьяси
скачать dle 12.0