Жиззах шаҳри белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилади
Миллий спорт туримиз бўлган белбоғли кураш йилдан-йилга дунё бўйлаб оммалашиб бормоқда. Анъанавий ўтказилаётган жаҳон чемпионатлари, халқаро турнирлар белбоғли кураш тобора ривожланишига хизмат қилаётгани бор гап.
Яна бир яхши янгилик.
Жорий йилнинг 20-25 май кунлари Жиззах шаҳрида илк бор катталар ўртасида белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади.
Бирлашган курашлар олами (UWW), Осиё белбоғли кураш конфедерацияси, Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Жиззах вилояти прокуратураси, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу Осиё чемпионатида Ўзбекистон, Ҳиндистон, Эрон, Индонезия, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби 20 га яқин давлатларнинг номдор полвонлари иштирок этиши кутилмоқда.
Бирлашган курашлар олами (UWW) таснифига кирувчи белбоғли кураш бўйича ўтказилдиган Осиё чемпионатида эркаклар -57,-62,-68,-75,-82,-90,-100 ҳамда +100 килограмм вазн тоифаларида куч синашади. Аёллар -52,-58,-66,-76,+79 килограмм вазнларда беллашишади. Шунингдек, мусобақа доирасида регламентга мувофиқ, Бирлашган курашлар олами (UWW) таркибидаги Қозоғистоннинг "Қазақ куреси" ва Қирғизистоннинг "Алыш" кураш спорт турлари бўйича ҳам Осиё чемпионати ўтказилади.
Айни пайтда Жиззах вилоятида Осиё чемпионатини муносиб тарзда ўтказиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.