МИРЗАЧЎЛДА САЙЁР ҚАБУЛ ВА ТИББИЙ КЎРИК ЎТКАЗИЛДИ
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Озода Махмудованинг Мирзачўл аҳолиси билан навбатдаги сайёр қабули туманнинг “Буюк ипак йўли” ОШПда ўтказилди.
Унда аҳолининг соғлиғи ва тиббиётга оид муаммолари, мурожаат ва таклифлари эшитилди. Уларнинг ечими бўйича зарурий чоралар кўрилди.
Шунингдек, сайёр қабул муносабати билан вилоят тиббиёт муассасаларининг тажрибали шифокорлари томонидан тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Беморларга аниқланган касалликлари бўйича уй ва шифохона шароитида даволаниш учун тавсиялар, бепул дори-дармонлар берилди. Жумладан, бир нафар беморнинг чап қўл юқори учлигида ҳосила аниқланди. Вилоят ССБ бошлиғи Озода Махмудованинг тавсиясига биноан, ушбу беморни туман марказий шифохонасига олиб бориб, Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали тажрибали шифокори Лазиз Юлдашев томонидан жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, бемор қўлидаги ўсма ажратиб олинди.
Мирзачўл туман ҳокимлиги Ахборот хизмати