Илғор хорижий тажрибалар асосида 1-4-синф дарсликлари янгидан тайёрланди
Давлатимиз раҳбарининг белгилаб берган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 14-17 август кунлари Тошкент шаҳрида “Бошланғич синфларда ўқитишнинг замонавий методикаси” мавзусида бошланғич синф ўқитувчилари учун малака ошириш курси ташкил этилмоқда.
Малака ошириш курсида республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 300 дан ортиқ илғор педагоглар ва методистлар ҳудудий тренерлар сифатида таълим олишмоқда. Айнан улар жойларда ўқитувчиларни замонавий усуллар бўйича каскад усулида тайёрлашлари керак бўлади.
Тўрт кунлик курс давомида дарслик муаллифлари ва илғор амалиётчи ўқитувчилар томонидан ҳудудий тренерларга бошланғич синфларда фанларни ўқитиш методикаси, ўқувчилар натижаларини баҳолаш, бунда фанлараро интеграцияни таъминлаш каби мавзуларда машғулотлар ташкил этилади.
Таъкидлаш жоизки, янги дарсликлар таълим олувчиларда 21 аср кўникмаларини шакллантиришда «4К» моделини (критик фикрлаш, креативлик, коллаборация, коммуникация) қўллаш орқали ўқувчиларда танқидий фикрлаш, ижодий ёндашув, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.
Ушбу курс Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилди.