Ўғрилик жинояти тушунчаси ва жазо чоралари
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ мамлакат иқтисодиётининг негизини турли шаклдаги мулк ташкил этади. Мулк мутлоқ даҳлсиз ҳисобланади ва давлат томонидан қўриқланади, унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонунга зид деб топилади.
Ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ёки ўғрилик иқтисодиёт соҳасидаги энг кенг тарқалган жиноятлардан биридир. Талон-торож қилишнинг барча шакллари ичида ўғрилик жинояти содир этилиш усули жиҳатидан энг хавфи камроғи деб топилиши мумкин: унда жисмоний ёки руҳий таъсир этиш қўлланилмайди; айбдор уни содир этишда ўзидаги ваколатлардан ва мол-мулкни эгаллашда алдашдан фойдаланмайди. Айбдор ҳуқуққа хилоф ва яширин равишда, яъни бошқа шахслардан яширин ҳолда мулкдорнинг хоҳиш-иродасига қарши ўзганинг мулкини ўзлаштиради ва уни ўзининг мулки сифатида тасарруф эта бошлайди. Бироқ ўғрилик, статистика кўрсатишича, ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг энг кенг тарқалган усулидир ва бу унинг ижтимоий хавфлилигини оширади.
Ўғри томонидан ўзганинг мулки ноқонуний равишда олинаётганлигини ва бунинг содир этилишини англамайдиган ёки ушбу ҳолат бўйича гувоҳлик бера олмайдиган шахслар, масалан, болалар ёки ақлий заиф шахслар борлигида ўғрилик қилиши ҳам яширин ҳисобланади.
Шунингдек, айбдорни ўзининг яқин кишилари, қариндошлари, ҳамкасблари олдида қилмишини англаган ҳолда, бироқ уларни жим юришига ишониб содир этган ўғирлиги ҳам яширин хисобланади.
Барча ҳолатларда ўғриликни яширин деб топишнинг ҳал қилувчи аҳамияти бу ҳолатни айбдорнинг ўзи томонидан баҳоланиши ҳисобланади. Шунингдек, агар айбдор яширин ҳаракат қилдим деб ҳисобласа, лекин ўғрилик факти ким томонидандир англанган бўлса ҳам айбдор ҳаракатлари ўғрилик сифатида қаралади. Масалан, транспорт воситасидаги киссавурлик, агар уни кимдир узоқдан кузатиб турган бўлса ҳам шундайлигича қолаверади. Бироқ, агар ўғри қилаётган ишни кимнингдир жиноий ҳаракат эканлигини англаб етганини билиб қолса, у ўз ҳаракатларини тўхтатиб, ўғрилик содир этилган жойдан яширинса, бунда қилмиш ЖК 169-моддаси тегишли қисми ва 25-моддаси 2-қисми билан айбланадиган ўғриликка суиқасд қилиш ҳисобланади. Агар айбдор худди шундай объектив ва субъектив ҳолатларда, мулкка дахл қилаётганлигини учинчи шахслар билиб қолганлигини сезиб қолса, бироқ жиноятнинг муайян ҳолатларидан фойдаланиб уни охиригача етказса ва ўғирланган буюмлар билан яширинишга ҳаракат қилса, унда у ўзганинг мулкини ошкора талон-торож қилганлик учун жавобгарликка тортилади.
Ўғирланган мулкнинг миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган кунда амалда бўлган Республикада белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасида ўғирлик жинояти учун жазо чоралари белгиланган.
Ўғрилик: а) жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик); б) анча миқдорда; в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; г) уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган бўлса, - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик: а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) компьютер тизимига рухсатсиз кириб; в) кўп миқдорда; г) нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса, - беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик: а) жуда кўп миқдорда; б) ўта хавфли рецидивист томонидан; в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, - саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мухаммади Жўраев
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси
Муҳокамага қўшилинг
Тавсия этамиз:
25 июль 2023, Вторник
Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар ҳақида
01 декабрь 2022, Четверг
Фирибгарлик жинояти учун жазо чоралари ва уни судда кўрилишининг айрим масалалари ҳақида
Изоҳлар (0)