Аҳамиятли лойиҳалар - қанчалик аҳамиятли....
Мирзачўлда чўлни ўзлаштирган миришкор деҳқонлар кўп. Лекин мақоламиз чўлни ўзлаштириш ҳақида эмас, айнан ҳозирги пайтда долзарб бўлган ёнгинамиздаги воқеликлар ҳақида. Унда гапни нега чўлни ўзлаштиришдан бошладингиз дейсизми? Чунки қаҳрамонимиз чўлни ўзлаштириш пайтида тақдир тақозоси билан шу карвонда иштирок этиб, Мирзачўлга келиб, яшаб қолганлардан...
Келинг, бошдан бошлаймиз. Бир куни одатдаги ишларим билан банд бўлиб, эндигина ўтказилган қайсидир тадбирни ижтимоий тармоқда ёритиш учун навбатдаги роликни тайёрламоққа киришганимда, хонага 60 ёшлар чамаси бир отахон кириб келди. Салом-алик қилиб, ўтиришга жой кўрсатдим, дуодан сўнг:
– Келинг, отахон, бизга нима хизмат?, – саволимни бердим.
– Журналист қизимда гапим бор эди..., – ўйланиб гапирди отахон, кимнидир қидиргандай.
– Хўш, эшитаман, отахон, нима гап экан, аввало ўзингизни таништирсангиз хурсанд бўлардим, – дедим бажараётган ишимни ҳам шошилинч бўлгани учун тўхтатгим келмай, секингина бошимни кўтариб.
– Мен, Бозорбоев Одил, Мирзачўл тумани Ўзбекистон қишлоғи Усмон Носир кўчаси 28-уйда яшайман, – гап бошлади отахон секин. Ўзим Тошкент вилояти Чиноз тумани, Яллама қишлоғида 1956 йил 16 августда туғилганман. Ўша ёқда 3-синфгача 8-мактабда ўқиганман.
Чўлни ўзлаштириш ишлари бошланиб, Сирдарё вилояти, Ильич районига кўчиб борганмиз, Тошкентда зилзила бўлган вақтлар, 1966 йиллар. “Коммунизм” номли мактабни 1973 йил битириб, июль ойида Мирзачўл туманига ишлашга келганман, отамнинг ёнига. Отам деҳқон одам эди, чўлни ўзлаштирамиз, деб Мирзачўлдаги Инобат Охунова бошчилигидаги совхозда биринчилардан бўлиб иш бошлаганлардан эди. Август ойида тракторчи бўлиб ёнида иш бошладим. Кейин ишларимни мақташиб, мактабни битириб ҳеч қаерда ўқимаган бўлсам ҳам, бригадир қилишди, звено бошлиғи бўлдим анча йиллар, фермер хўжалиги раҳбари, 1988-1989 йиллар бўлим бошлиғи бўлиб ишлаб, нафақага чиқдим.
– Хўш-хўш..., – энди ишимни бутунлай четга суриб, жон қулоғим билан бобони тинглай бошладим, мақсади менга жуда қизиқ туюла бошлади. Бобом ҳам кўтаринки кайфиятда овозига баландроқ тус бериб, ҳикоя қилишда давом этди.
– 2022 йилда баҳор ойларида оилам билан кечки овқатдан сўнг, ойнаи жаҳонни кузатиб ўтирсам, Пекин шаҳрини кўрсатиб қолди: Чанг бўрон, ҳаво шунақанги ифлос, одамлар ниқоб тақиб юрибди. Бироздан кейин Индонезия пойтахти Жакартани кўрсатди, ундаям шу аҳвол... Бир, икки ой хаёлимдан кетмади. Нега ривожланган Хитой бунга чора тополмайди, 40 миллион аҳолиси бор – Пекин шаҳрининг аҳволи шу. Ўйлаб ўйимга етолмайман, кейин шу ғоя дунёга келди, июн ойларида чизма яратдим...
Чизмаларимни А3 форматдаги қоғозга катталаштириб, лойиҳасини тузиб, вилоят Экология қўмитасига олиб бордим, кейин улар Жиззах давлат Политехника институтига тавсия қилишди. Шу орада Мустақиллик байрами бошланиб кетди, байрамдан кейин келинг, дейишди. Яна бордим, Политехника институти домлалари барака топгурлар, ўтириб, обдон кўздан кечиришди, қизиқишди, лекин қанақа қилиб амалга оширишни билишмади. Шундан сўнг, балки пойтахтдагилар билар деб, Инновациялар вазирлигига бордим, бир йигит чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши Вазирлигига учрашинг, улар тасдиқласа биз маблағ ажратамиз деди, ўша Вазирликка, айтмоқчи, ундан олдин Ислом Каримов номидаги Политехника институтига кўрсатдим, улар ҳам бу Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши Вазирлигиники экан деди, манзилини ёзиб берди. Бу Вазирликда бир оқсоқолроқ одам бор экан. У билан анча гаплашдик, тушунтирдим, буни менга ташлаб кета оласизми, деди, ўзимда нусхаси бор эди, бериб кетдим, манзилим ва телефон рақамларимни ёзиб қолди. 1,5 йил бўлди, алоқа, бирон хабар йўқ. Шу орада Экология қўмитасидан бизда буни амалга оширадиган кадрлар йўқ, деб хат келди. Энергетика Вазирлигига учрашиб кўрмабсиз дейишди.
Бордим, Энергетика вазирлигидан бир йигит чиқди, қўмитага жўнатди, “Бунёдкор” стадиони яқинида Иссиқлик Энергетика қўмитасида ҳақиқий қизиқиш бўлди, 2 соат. 7-8 киши роса муҳокама қилишди, Сирдарё вилоятида Ширин шаҳрида иссиқлик Электр станцияси бор бизда, шунга қўллаш керак эканда деб бири чиқиб, кўриб, қизиқди, бири илмий тадқиқот институтига жўнатиш керак, деди.
Охири яна Жиззах Давлат Политехника институтига, 3-бўлимлари бор экан, Шароф Рашидов туманида, шунга жўнатишди. Борсам, менинг лойиҳамни бир домла олиб ўтирган экан, 5-6 та институтларга компьютерда жўнатдик ҳам дейишди. Рухсат берсангиз лойиҳангизнинг макетини яратаман деди, рухсат бердим. Орадан 3 ойлар чамаси вақт ўтиб бордим, ҳангома қилиб ўтирсам, ҳеч нима қилмадим, дейди. Маблағ бергани йўқ макетига, дейди. Тўғри-да, труба ва бошқа нарсаларга бирмунча пул кетади. Институт ва Экология қўмитасига 3-4 марта қатнаб, кейин бормай қўйдим, лойиҳангизни Илмий тадқиқот институтига жўнатганмиз, деган жавоб қилишади...
– Лойиҳангиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз шу ерда, – жим бўлиб қолган бобога юзландим.
– Лойиҳам, мана, – чизмасини кўрсатади отахон. – Мана бу тепасидаги кичкина вентилятор ифлосланган ҳавони тепага чиқармай, труба билан ҳайдайди, пластмасса трубаям бўлади. 80-йилларда трактор плугларида сув пуркагич бўларди. Трубанинг тўрт томонига сув пуркагич ўрнатилади, игнанинг тешигидай, ичига қараб сув ҳайдаверади, иссиқ сув пуркаса янада яхши. Вентилятор трубага ифлос ҳавони ҳайдайди, қолса 5% қолиши мумкин ҳавода ёки қолмайди. Трубанинг тагидан энди мусор сув оқади ва бориб ховузга қуйилади, 3 та ҳовуз қилиш мумкин. Эни 10 м, узунлиги 15 м. Қора тутун ва газ ҳовузда чўкади. Ҳовузни 5 та қилсаям бўлади. У ерга ҳовузга бўтана бўлиб чўкади. Заҳарли газларни нима қилсам экан, деб ўйладим. Шағал ва тош, қум фильтрлаши ёдимга тушди. Энг охирида тоза сув бўлиб чиқиб кетаверади. Совуқ сув билан урадиган бўлса, 35-40 метр ерга ҳар 2.5, 3 метрга фильтр қўйганман. Биринчи фильтрни 1,5 метр баланд қўйганман, биринчи филтрьдан сув аралаш ифлос мусорлар келаяпти, чангни ушлаб қолиши кераг-а, шунинг учун 8 та- 10 та қўйилади. Иккинчиси 20, 25 см баландроқ, учинчи, тўртинчи, бешинчисиям, жами 10 та фильтр уй бўйи зина шаклда. Биридан қолганлари бирига ўтади. Энг охирги фильтр – тош аралаш қум. Бир-бирига улаворса бўлади. Ер устида бўлса ўраш керак, қишда музламаслиги учун. Ифлос ҳавони ҳовузга чўктирмоқчиман, балчиқ бўлиб чўкади.
– Бунинг хавфсизлик чора-тадбирлари қандай бўлади, бу чўкмага айлантирилган ифлосланган ҳаво энди балчиқ ҳовузга айланиб, зарарли, инсон ва ҳайвонлар ҳаёти учун янада хавфли бўлиб қолмайдими, – бу соҳани унчалик яхши тушунмаганлигим учун янаям аниқроқ тушунча олиш учун бобога юзландим.
– Аввало бу ҳовуз усти ёпилади, қолаверса, тоза сув фильтрлаб балчиққа айлантиргандан кейин ўзи фильтрдан ўтиб оқиб чиқиб кетади, уни қайта ишлаб қишлоқ хўжалик ишларига ва бошқа фойдали соҳаларга бемалол ишлатиш мумкин. Балчиқ эса мустаҳкам қоришмага айланади. Қайсидир давлатда чиқиндиларни (баклашкаларни, қаттиқ идишлар, мусорга ташланган ҳар хил, масалан, пластмасса қолдиқларни) асфальтга айлантираётгани, йўл қурилишларида фойдаланишаётганини кўрдим. Балки келажакда шунданам ғиштми, бетон, қурилишгами бирон нима олинар, жуда мустаҳкам бўлади. Хуллас, доимо кутаман, кимдир мана шу лойиҳани илмийлаштириб, мукаммаллаштириб, амалиётда давлатимиз фойдаланса, жамиятга келажак авлодларга фойдаси тегса, Ватанимиз ҳавоси янада мусаффо, ҳаётимиз янада ёрқин бўлса, ишлаб чиқариш, саноат лойиҳаларига ҳам катта фойдаси тегса. Мен фақат бундан хурсанд бўламан.
...Бобо умид билан дуо қилиб хайрлашиб кетди-ю, лойиҳанинг бутун юки менинг елкамга тушгандай оғирлашдим. Айниқса, “ёшим бир жойга борган, ўзим учун менга ҳеч нима керак эмас, қизим, ватаним учун, юртдошларим, келажак учун, қолаверса она табиат учун қайғураман”, деганлари ҳали-ҳануз қулоғим остида жаранглайди. Балки, олий таълимда ўқимаган, масъул даргоҳларда илмий ишлар қилиб тажриба орттирмагандир, лекин бир Ўзбекистон фарзанди сифатида фойдам тегса дея қўлидаги 4-5 қоғозни эшикма-эшик кўтариб, “бўлади, амалга оширамиз, хотиржам бўлинг, фақат озгина фақат керак, қўшимча қиламиз, ўрганамиз, ўзимиз қилолмасак, мана ўқимишли Янги Ўзбекистон болаларимиз, зиёли ёшларимиз амалга оширади, имкони албатта бўлади”, деган бир имдодни, тасаллини кутаётган бўлса ажабмас. Бунга бир хулоса бериш менинг қўлимдан келмас, бунга Сиз азизлар нима дейсиз, балки биз ҳам элу халққа фойдамиз тегиши учун нимадир қилиш вақти келгандир...
Хуршида ШЕРБЕКОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети 4-босқич талабаси.
Муҳокамага қўшилинг
Тавсия этамиз:
Изоҳлар (0)