Касб-ҳунар мактабининг ўқувчилари иштирокида давра суҳбати ўтказилди
Мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий касбга нисбатан ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотиш, халқ ва армия якдиллигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган тадбирлар ёшларда ҳарбий соҳага бўлган қизиқишларини ошириб бормоқда.
Ана шу мақсадларда, бугун, Жиззах вилояти, Мирзачўл туманида ҳарбий хизматчилар билан тумандаги Касб-ҳунар мактабининг ўқувчилари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Шунингдек, тадбирда туман ҳокими ўринбосари У.Рустамов иштирок этиб, сайловда биринчи марта қатнашаётган йигит-қизларнинг сайловга оид билимларини юксалтириш мақсадида ўқувчиларга сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайловда овоз бериш қоидаларини тушунтирди.
Тадбирда кўплаб ёшлар ҳарбий хизматга қизиқиш билдирганлиги сабабли, улар юртимиздаги олий ҳарбий ўқув юртларига курсантларни қабул қилиш шартлари, абитуриентлар қандай имтиҳонлардан ўтишлари ва умуман, ёшлар ҳарбий хизматчилар сафида қандай хизмат қилишларини билишни хоҳлашди.
Ушбу давра суҳбатида Ватан ҳимоячилари ёшларга Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, юрт ва халқ хавфсизлигини қўриқлаш йўлида мардларча хизмат қилаётганлар ҳақида сўзлаб бердилар ҳамда соҳага оид видеороликлар намойиш этилди.
Меҳмонлар ёшларга ҳарбий академияларда яратилган шарт-шароитлар, дарслар, машғулотлари қандай ўтиши, тартиб-интизомни сақлашнинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, кўплаб саволларга жавоб бердилар.