Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Мирзачўл тумани ҳокимининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи

Мирзачўл тумани ҳокимининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи

16 октябрь 2022 йил
216
0

Туранов Рустам Баходир ўғли

 

 

2022 йил 15 сентябрьдан Мирзачўл туман ҳокимининг ўринбосари - Инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи

1992 йил 7 майда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида таваллуд топган. Миллати ўзбек, маълумоти олий.         2017 йилда Тошкент Давлат Техника университети (кундузги)ни тамомлаган. Мутахассислиги энергетика (иссиқлик энергетика) . Оилали, 2 нафар фарзанди бор.

МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИ

2018-2018 йй. - Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани инвестиция бўлими етакчи мутахассиси

2018-2019 йй. - Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани инвестиция бўлими бош мутахассиси

2019-2019 йй. - Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани инвестиция бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчиси

2019-2022 йй. - Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи ўринбосари

2022-2022 йй. - Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани “Сарбозор” маҳалла фуқаролари йиғинида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси

2022 й.- ҳ.в.    - Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳокимининг ўринбосари-инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи

Мирзачўл тумани ҳокимнинг ўринбосари – туман инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғининг функционал вазифалари

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Туман ҳокимининг ўринбосари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг ҳужжатларига, халқ депутатлари Кенгашининг қарорларига, вилоят, туман ҳокимининг қарорлари ва фармойишларига амал қилади.

2. Туман ҳокимининг ўринбосари ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларининг тўлиқ ва сифатли бажарилишини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикасининг Президенти олдида шахсан жавобгар ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир.

2. Туман ҳокимининг ўринбосари тегишлича туман ҳокимига бўйсунади.

Туман ҳокимининг ўринбосари ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳаларда ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ вазифаларини ҳал қилиш бўйича фаолияти Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари томонидан мувофиқлаштирилади.

4. Туман ҳокимининг ўринбосари ўз ваколати даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

 

2-боб. Туман ҳокимининг ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари, асосий вазифалари ва функциялари

 

5. Қуйидагилар туман ҳокими ўринбосарининг асосий вазифалари ҳисобланади:

инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва самарали ўзлаштириш;

ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий корхоналар маҳсулотларининг экспорт ҳажмлари, номенклатураси ҳамда географиясини кенгайтириш бўйича манзилли дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш;

хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, ҳудудда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектлардан самарали фойдаланишни таъминлаш;

эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш ҳамда экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш.

6. Туман ҳокимининг ўринбосари ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва самарали ўзлаштириш соҳасида:

инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларни ўз муддатида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди;

инвестиция фаолияти йўналишида ҳудудда бошқарув тизимини, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш соҳасида ҳудудда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиради, хорижий инвесторларни ҳудуднинг имкониятлари ва салоҳияти тўғрисида хабардор қилиш, хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни рағбатлантиради;

инвестиция дастурларини, жумладан, ҳудудий дастурларни шакллантириш, жалб этилган маблағларни ўзлаштириш соҳасида ишларни мувофиқлаштиради;

ҳар ҳафтанинг чоршанба куни ҳудуд бўйича “Инвестиция куни” тадбирларини ўтказиш ишларини ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш, салоҳиятли инвесторларни аниқлаш ва улар билан музокаралар ўтказиш, инвесторларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича тизимли ишларни олиб боради;

инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг тизимли мониторингини олиб бориш, хорижий капитал иштирокидаги корхоналар фаолиятини, инвестор томонидан ўзининг инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилишини таҳлил қилиш, хорижий инвестициялар иштирокида инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан тезкор чоралар кўриш орқали жалб этилаётган хорижий инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, инвестиция дастурларини амалга оширишнинг сифат ва самарадорлик мезонларига асосланган баҳолаш тизимини амалда татбиқ этади;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчилари ва консуллари билан яқин ҳамкорликда ҳудудда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, ишлар (хизматлар) экспортини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва илғор технологияларини жалб этиш, ҳудуднинг савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий ва илмий-техник имкониятларини мустаҳкамлаш чораларини кўради;

хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш учун инвестиция таклифларининг ягона базасини шакллантириш ва янгилаш жараёнини мувофиқлаштиришни таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида яратилган инвестиция муҳити, шу жумладан, инвестиция киритиш жараёнининг асосий тартиб-таомили масалалари, шунингдек, амалга ошириш таклиф этилаётган инвестиция таклифлари тўғрисидаги ахборотни салоҳиятли инвесторлар ва кредиторларга етказади;

хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш борасида лойиҳа институтлари ҳамда республика ташкилотлари билан самарали ҳамкорликни ташкил этади;

ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва инвестицияларга бўлган эҳтиёжи, олдиндан ҳисоб-китоб қилинган аниқ лойиҳалар ҳамда салоҳиятли инвесторлар учун қизиқиш уйғотадиган бошқа ахборот акс эттирилган ҳудуднинг интерфаол инвестиция харитасини жорий қилиш ҳамда унинг фаолиятини таъминлаш ишларини мувофиқлаштиради;

молиялаштиришнинг турли манбалари, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан ҳудуд иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани иқтисодий юксалтириш ҳамда мувозанатли ривожлантириш суръатларининг инвестиция ресурсларига бўлган эҳтиёжлар билан боғлиқлигини таъминлашга доир таклифларни ишлаб чиқади;

инвестиция дастурлари доирасида маблағлар жалб этилиши ҳамда ўзлаштирилиши бўйича белгиланган прогноз параметрларнинг бажарилиши учун тизимли ва қатъий назоратни ташкил қилиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолатини комплекс таҳлил қилиш ҳамда мониторинг давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар киритади;

ҳудудий инвестиция дастурларига киритилган инвестиция лойиҳалари бўйича маълумотлар базаси яратилишини, юритилишини ҳамда мунтазам янгиланишини таъминлайди;

б) ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий корхоналар маҳсулотларининг экспорт ҳажмлари, номенклатураси ҳамда географиясини кенгайтириш бўйича манзилли дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш соҳасида:

ҳудуднинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини таъминлаш, корхоналарнинг, шу жумладан кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт номенклатурасини кенгайтириш ва ҳажмларини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

ҳудудий экспорт штабларининг фаолиятини бошқаради, ҳудудий корхоналарнинг экспорт маҳсулотлари ва экспортчилари бўйича маълумотлар базасининг юритилишини таъминлайди, маҳаллий корхоналарга экспортни ташкил этишда кўмаклашади;

ҳудудий корхоналарнинг экспорт прогнозининг бажарилиши ҳолати бўйича мониторинг олиб бориш, бунинг асосида уларнинг экспорт фаолиятини таҳлил қилиш ва корхоналар экспортини жадаллаштириш ва рағбатлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудудий корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ўрганиш асосида уларнинг мавжуд экспорт захираларини аниқлаш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этади;

ҳудудий корхоналарга экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича савдо-саноат кўргазмалари, ярмаркалар, форумлар, тақдимотлар, конференциялар ва бошқа тадбирларда иштирок этишда кўмаклашади, шундай тадбирларни ҳудудда ташкил этади ва ўтказади;

экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, тижорат банкларининг экспорт олди кредитлари бўйича компенсация тақдим этишни ташкиллаштиради ва мувофиқлаштиради;

г) хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, ҳудудда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектлардан самарали фойдаланишни таъминлаш соҳасида:

ҳудуддаги бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектларни хатловдан ўтказиш, улардан самарали фойдаланиш, инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар олиш шарти билан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

хусусийлаштириш жараёнларини бошқариш самарадорлигини ошириш, инвесторлар, жумладан, хорижий инвесторлар томонидан қабул қилинган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш ва хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш соҳасида таклифлар тайёрлайди;

ҳудуддаги давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари жорий этилишини, ушбу корхоналар фаолиятининг самарадорлиги учун уларни бошқариш органлари масъулиятини оширишни таъминлайди;

хорижий ва халқаро институтлар ҳамда компаниялар билан биргаликда давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштиришга тайёрлаш, шу жумладан уларнинг жозибадорлигини ҳамда бошқариш сифатини оширишни назарда тутувчи самарали механизмларини ўрганиш ва жорий қилишга қаратилган доимий ишлар юритилишини таъминлайди;

ҳудудда жойлашган давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улушини босқичма-босқич камайтириш ишларини мувофиқлаштиради, самарали ва ошкора хусусийлаштиришни таъминлайди;

д) эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш ҳамда экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун шароитлар яратиш соҳасида:

ҳудудда эркин иқтисодий зоналар маъмурий кенгашлари ва дирекцияларининг, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш масалаларидаги фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда самарадорлигини таҳлил қилади, эркин иқтисодий зоналарнинг маъмурий кенгашларига ташқи бозорларда талаб бўлган ва импорт ўрнини босувчи юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашади;

эркин иқтисодий зоналарда жойлаштирилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши мониторинги олиб борилиши ва таҳлил қилинишини ташкил этади;

инвестиция лойиҳаларини таҳлил қилишда, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантиришни ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

эркин иқтисодий зоналарни, ҳудуднинг мавжуд ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида лойиҳаларни амалга оширувчи инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кўпайтириш мақсадида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга доир таклифларни белгиланган тартибда киритади.

Шунингдек, туман ҳокимининг ўринбосари қуйидаги қўшимча функцияларни амалга оширади:

инвестиция дастурларини амалга оширишда, жумладан, ҳудудий дастурларни шакллантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш соҳасида ҳудудда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

хорижий инвестицияларни жалб этиш, бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва преференциялар бериш, тадбиркорлик субъектларига экспортда кўмаклашиш соҳасида вазирликлар, идоралар, республика ташкилотларининг ҳудудий тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, ҳудудий корхоналар маҳсулотларининг экспорт ҳажмлари, номенклатураси ҳамда географиясини кенгайтириш бўйича манзилли дастурлар кўрсаткичларининг ижросини таъминлайди;

ҳудудда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектлардан самарали фойдаланиш, уларга инвестицияларни кенг жалб этган ҳолда давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улушини босқичма-босқич камайтириш чораларини кўради;

ҳудудда эркин иқтисодий зоналарини ривожлантиришга хорижий инвестицияларни ва маҳаллий инвесторларни жалб этишга кўмаклашиш, уларда зарур инфратузилма объектларини ривожлантириш орқали самарали фойдаланишни таъминлайди;

олий ва юқори даражадаги ташрифлар якунлари бўйича амалий тадбирлар режаларининг (“йўл хариталари”) бажарилишини таъминлайди ва тизимли назоратини олиб боради;

инвестициялар, экспорт ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, хусусийлаштирилган корхонларга кўмаклашиш, эркин иқтисодий зоналарини ривожлантириш масалаларида сайёр (очиқ) мажлисларини тизимли асосда ўтказади.

 

3-боб. Туман ҳокими ўринбосарининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

7. Туман ҳокимининг ўринбосари ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш, ваколати доирасига кирувчи соҳаларнинг самарали ишлаши ҳамда ривожлантириш бўйича тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига кўриб чиқиш учун таклифлар киритиш;

бириктирилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий тузилмаларининг мажлисларида, шунингдек, туман ҳокимининг топшириқлари бўйича - бошқа давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар ҳудудий тузилмаларининг ўзи юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;

олий ва юқори даражадаги ташрифлар якунлари бўйича амалий тадбирлар режаларига (“йўл харита”ларига) киритиш учун бириктирилган ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, тегишли тармоқ корхоналари ва ҳудудларнинг муаммоли масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар ҳудудий тузилмалари раҳбарлари ҳамда вакилларини ҳокимликда кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинча ишчи гуруҳлар тузиш.

8. Туман ҳокимининг ўринбосари 6 ва 7-бандларида ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг тегишли равишда ва самаралибажарилиши учун шахсан жавобгардир.

Туман ҳокимининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6166-сон Фармони, 2017 йил 11 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида”ги ПҚ–2881-сон қарорига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш учун жавоб беради.

 

4-боб. Туман ҳокими ўринбосарининг фаолиятини ташкил этиш

 

9. Туман ҳокими ўринбосарининг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ, туман ҳокимининг чораклик ва ярим йиллик иш режалари асосида ташкил этилади.

Ушбу иш режалари асосида туман ҳокими ўринбосарининг ойлик шахсий иш режалари ишлаб чиқилади ва туман ҳокими томонидан тасдиқланади.

10. Туман ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосарининг ҳисоботи туман ҳокимининг тезкор йиғилишларида ҳар ҳафта эшитиб борилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунига асосан туман ҳокими ўринбосарининг тегишли ҳисоботлари халқ депутатлари Кенгаши мажлисида эшитилади.

11. Туман ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари фаолиятини тегишли котибият томонидан таъминланади.

 

Туман ҳокимининг ўринбосари томонидан фаолияти мувофиқлаштириладиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари

РЎЙХАТИ

 

  1. Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими.
  2. Эркин иқтисодий зоналар.

 

Туман ҳокимининг ўринбосари томонидан ўзаро ҳамкорлиги таъминланадиган ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари

РЎЙХАТИ

1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими -инвестиция ва экспорт масалалари бўйича.

2. Қурилиш бўлими -инвестиция лойиҳалари экспертизаси масалалари.

3. Тижорат банклари ҳудудий филиаллари -инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда олий ва юқори даражалардаги ташрифлар якунлари бўйича амалий тадбирлар режаларини (“йўл харита”лари)ни ишлаб чиқиш ва улар самарали амалга оширилиши мониторингини олиб бориш масалалари.

4. Бош вазирнинг тумандаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси -инвесторлар, хусусийлаштирилган корхоналар, эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш масалалари.

5. Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар ҳудудий бўлими - инвестициялар, эркин иқтисодий зоналари масалалари.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар