Пиротехника буюмларини сақлаган шахсга 1500000 сўм жарима жазоси қўлланилди
Жорий йилнинг 13 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судида пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётган шахсга нисбатан юритилган иш кўриб чиқилди.
Иш мазмунига кўра 1999 йилда туғилган Буранов Рафикбой (исм фамилияси ўзгартирилган) 2 қути “Новий век” номли ҳар бирида 50 дона, жами бўлиб 100 дона пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ушбу пиротехника буюмлари ҳуқуқбузарлик ашёси тариқасида олинган.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар Буранов Рафикбой ҳуқуқбузарлик ҳаракатига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ва бу ҳолатни бошқа такрорламаслигини маълум қилди.
Шахс пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш - Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1851-моддасида кўрсатилган жавобгарликни келтириб чиқаради.
МЖтКнинг 1851-моддасида ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.
Суд ҳуқуқбузар Буранов Рафикбойга нисбатан жазо тайинлашда айбига тўлиқ иқрорлигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, яъни 1500000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки “Янги йил” байрами арафасида пиротехника буюмларини айрим шахслар томонидан қонунга хилоф равишда олиб келиниб даромад олиш илинжида бошқа шахсларга сотиш ҳолатлари тез-тез учрайди. Аксарият ҳолларда пиротехника буюмларидан вояга етмаганлар фойдаланаётганлиги, натижада ўзлари шикастланиб қолаётганлиги ачинарли ҳолдир. Бундай кўнгилсиз ҳолатларни ва ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этилишини олдини олиш учун барча фуқароларимизни огоҳликка чақириб қоламиз.
Мухаммади Жўраев
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси
Муҳокамага қўшилинг
Тавсия этамиз:
Изоҳлар (0)