Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Камбағалликни қисқартириш ва бандлик масалалари муҳокама қилинди

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик масалалари муҳокама қилинди

11 май 2023 йил
76
0

Президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни камбағалликни қисқартириш ва бандликни ошириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди.

Маъмурий ислоҳотлар доирасида бу соҳаларга масъул вазирлик ташкил этилиб, барча ҳуқуқий-ташкилий асослар яратилди. Юртимизда илк бор минимал истеъмол харажатлари қиймати жорий этилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш учун оилавий тадбиркорликка 15 триллион сўм имтиёзли кредит ва субсидиялар, деҳқончилик учун 200 минг гектар ер ажратилди. Шу даврда 300 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, 20 мингта корхона фаолияти кенгайтирилди. Ўтган йили 1 миллион нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилди.

Яқинда қабул қилинган Конституциямизда ҳам камбағалликни қисқартириш бўйича давлат ўзига мажбуриятлар олди.

Шу боис йиғилишда бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чоралари муҳокама қилинди. Аввало, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳудудларда янгича ишлаши кераклиги таъкидланди.

Салоҳиятли тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, янги иш ўрни яратишга рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилди. Бунинг учун улар билан малакали ишчи тайёрлаш бўйича шартнома тузилади. Яъни, корхоналарда кўплаб “амалий мономарказ”лар ташкил қилинади. Давлат бунга зарур маблағлар ажратиш билан бирга, инфратузилма, кредит, солиқ ва бошқа масалалар бўйича енгилликлар беради. Тадбиркор эса камбағал аҳолини даромадли иш билан таъминлайди.

Мутасаддиларга ушбу тизимни барча туман ва шаҳарларда жорий қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Маълумки, камбағалликни қисқартириш бўйича Хитойнинг тажрибаси эътиборга молик. Буни ўрганиш ва янги ёндашувларни ишлаб чиқиш учун яқинда мамлакатимиз делегацияси Хитойда бўлиб қайтди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига у ердан экспертлар жалб қилинди.

Энди Хитой тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда биттадан туманни камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши белгиланди. Бунда камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга эътибор қаратилади.

Бош вазир ўринбосарига бунинг учун зарур инфратузилма масаласини ҳал қилиш вазифаси қўйилди.

Жорий йилда оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидиялар ажратилаяпти. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш бўйича 37 турдаги субсидиялар мавжуд. Лекин уларни ажратиш шартлари оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, лойиҳанинг ўзини ўзи оқлаш муддатидан қатъий назар, барча учун деярли бир хил. Шу боис кредит ва субсидияларни ҳар бир камбағал оилага алоҳида ёндашув асосида тақдим этиш таклифи билдирилди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигини халқчил тизимга айлантириш, 100 дан ортиқ ижтимоий хизматларни бевосита маҳалланинг ўзида йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар