Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Жиззахдаги сув тежовчи технологиялар илм-фан ютуқлари ва инновацион ғоялар уйғунлигидир

Жиззахдаги сув тежовчи технологиялар илм-фан ютуқлари ва инновацион ғоялар уйғунлигидир

08 май 2023 йил
160
0

Айни пайтда сув ресурслари тақчиллиги муаммоси нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, соҳага илм-фан ютуқлари ва инновацион ғоя ва технологияларни кенг жорий этишни тақозо этаётгани айни ҳақиқатдир.

Хусусан, юртимизда ҳам ресурслар ҳажмини ошириш имконияти чекланганлиги боис мавжуд сув захираларидан имкон қадар самарали фойдаланиш доимий эътиборда. Бу борада замонавий сув тежамкор технологиялардан фойдаланиш муаммога муносиб ечим бўлаётир.

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Жиззах вилоятида ўтказилган пресс-турда янги технологияларнинг қўлланиши жойларда қандай натижа бераётгани ўрганилди.

Жиззах вилоятининг Зомин туманида жойлашган “Жиззах органик” чорвачилик кластерида 1200 гектар маккажўхори ҳамда беда экин майдонлари ёмғирлатиб суғориш техникаси ёрдамида “CENTER PIVOT” усулида суғорилмоқда. Замонавий техника ёрдамида 3 кунда 500-600 гектар ер майдонини суғориш имконияти мавжуд.

Замонавий 50 метрли “CENTER PIVOT“ техникаси АҚШдан олиб келинган бўлиб, у олдинга ва орқа ҳаракатланиб суғориш имкониятига эга. Янги техника орқали беда, маккажўхори, кўкатлар, ғалла каби ўсимликлар майдонларини қисқа фурсатда ҳам самарали суғориш мумкин.

— Бу сув омбори сувни тежаш мақсадида қурилган. Унга 300 минг метр куб сув кетади ва 600 гектар ерни суғоришга мўлжалланган захира жамланади, — дейди ДEМ 2/1 канали раҳбари Исломбек Холмуродов. — Авваллари 1 гектар ерга 900 литр сув сарфланган бўлса, ёмғирлатиб суғоришда 100-150 литр сув ишлатилмоқда. Сув омборини каналдан тўлдирамиз. Каналдан ташқари, ер тубидан чиқадиган сув орқали ҳам уни тўлдириш имконияти яратилган.

Шунингдек, Зомин туманида жойлашган “Мева-сабзавот” МЧЖда 2018 йилдан бери томчилатиб суғориш жорий этилган. Томчилатиб суғоришдан асосий мақсад сувни тежаш ҳамда озуқавий маҳсулотларни сув билан биргаликда ўсимликларга тўғридан тўғри етказишдан иборатдир.

“Мева-сабзавот” МЧЖ тасарруфида 120 гектар ер майдони бўлиб, 5 навли олма кўчатлари ўтқазилган. Бу технология Ўзбекистон—Туркия ҳамкорлигида амалга оширилган ва шу орқали боғдаги барча меваларни ҳар куни икки соатдан суғориш имконияти бор. Ҳар бир олма кўчати бир суғоришда 2 литрдан сув ичади. Самарали технология орқали суғорилган кўчатлар 5 йилда ҳосилга киради.

Ҳозирда томчилатиб суғориш усули ўзининг юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари етишмаслиги шароитида кам сув сарфлаб барқарор юқори ҳосил олишга имкон бериши билан аҳамиятлидир. Экинларга ишлов бериш ва суғориш ишларида қўл меҳнатини камайтириш ҳамда суғоришни автоматлаштириш имкониятининг юқорилиги сабабли ҳам томчилатиб суғориш усули бутун дунёда кундан кунга кенгроқ майдонларга татбиқ қилинмоқда.

— Ўтган йили гектаридан 18 тоннадан ҳосил олдик. Бу жойларда табиий шароитда сув келтирилиши қийин бўлгани туфайли томчилатиб суғориш йўлга қўйилган. Бугунги кунда боғда 50 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан таъминланган бўлиб, қурилгандан бери томчилатиб суғориш асосида ишлаб келмоқдамиз, — дейди МЧЖ бош агрономи Улуғбек Маматқулов.

Таъкидлаш керакки, қишлоқ хўжалик экинларини эгатлаб суғоришда экин майдонининг бир текисда талаб даражасида намланмаслиги ҳамда суғоришда сув сарфининг бир неча баробаргача ортишига олиб келади. Суғориш сувидан фойдаланиш самарадорлиги пасайиб, сув ва тупроқ эрозиясини юзага келтиради, сизот сувлар сатҳининг кўтарилиши натижасида тупроқда иккиламчи шўрланишнинг юзага келиши, мелиоратив ҳолатнинг ёмонлашиши, қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда сарфланаётган умумий сув истеъмолининг ортиши ҳамда суғоришда фойдаланилган сув ресурсларидан маҳсулот етиштириш миқдорига бевосита таъсир кўрсатади.

Умуман олганда, сув хўжалиги тизимида жорий этилган бундай технологиялар сув исрофгарчилигининг олдини олишда ғоятда самарали ва фойдалидир. Шунинг учун ҳам ушбу турдаги технологиялар йилдан йилга сув меъёри танқислашиб боришининг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳа ҳисобланади.

Айни жараёнда Жиззах вилоятининг 35-40 фоиз ҳудудларида томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрепт суғориш ҳамда лазер ёрдамида текислаб суғориш технологиялари жорий этилган.

Инновацион технологиялардан фойдаланиш кўламини кенгайтириб боришда давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалигининг истиқболли тармоқларига кўрсатилаётгани халқаро молиявий ёрдам, имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш амалиёти жуда ҳам қўл келмоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар