Алимент тўлашдан бўйин товлаганларга жазо муқаррар
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди томонидан жорий йилнинг 12 май куни фарзанди учун алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди.
Иш тафсилотларига кўра А.Алибеков (исм фамилияси ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг 2022 йил 29 апрелдаги суд буйруғига асосан, турмуш ўртоғи А.Алибекованинг тарбиясида бўлган икки нафар вояга етмаган фарзандларининг алименти учун бир йилдан ортиқ муддат мобайнида, бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан жами 12.000.000 сўм алимент пулларини ва моддий таъминот пулларини тўламасдан, икки нафар вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган.
Ҳуқуқбузар томонидан вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги натижада ҳозирги кунга қадар жами 12.000.000 сўм алимент қарздорлиги вужудга келган.
Мирзачўл туман суди томонидан фуқаро А.Алибеков Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, суд залидан қамоққа олинган.
Бундан ташқари туман суди томонидан жорий йилнинг 25 май куни ҳам фарзанди учун алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаган бошқа шахсга нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди.
Иш тафсилотларига кўра фуқаро Б.Болиев (исм фамилияси ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг 2022 йил 29 апрелдаги суд буйруғига асосан, турмуш ўртоғи А.Болиеванинг тарбиясида бўлган икки нафар вояга етмаган фарзандларининг алименти учун бир йилдан ортиқ муддат мобайнида жами 13.074.560 сўм алимент пулларини ва моддий таъминот пулларини тўламасдан, икки нафар вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаган.
Ҳуқуқбузар Б.Болиев суд давомида ўз қилмишини оқибатларини англаб етганини, бундан буён алимент тўловларини ўз вақтида тўлаб беришлигини, бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонда эканлигини маълум қилиб, ўзи томонидан тўланмай келган жами 13.074.560 сўм алимент қарздорлигини суд протцесси давомида тўлиқ тўлаб берди.
Суд томонидан иш бўйича етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги инобатга олиниб ҳуқуқбузар Б.Болиевга нисбатан юритилган маъмурий иш Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 10-бандига асосан иш юритишдан тугатилди.
Маълумот ўрнида шуни маълум қилиш керакки, алимент қарздорлиги учун маъмурий жазо тайинланганидан кейин ҳам алимент қарздорлиги ҳуқуқбузар томонидан бартараф этилмаса, ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноят иши очилади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасида қуйидаги жазо чоралари белгиланган.
Жумладан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, - икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, - икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ бартараф этса, у жавобгарликдан озод қилинади.
Мухаммади Жўраев
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси
Муҳокамага қўшилинг
Тавсия этамиз:
Изоҳлар (0)