Суд, суднинг ваколатлари ҳақида
Ўзбекистон Республикасида жиноят ишлари бўйича одил судловни Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар амалга оширади.
Биринчи инстанция суди жиноят иши бўйича ҳукм ёки ажрим чиқариш ҳуқуқига эга. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ҳукм ёки ажрим чиқаради. Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судининг ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ажрим чиқаради.
Суднинг ваколатларига: қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёхуд қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома, шикоят ва протестни эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида ажрим чиқарган судни албатта хабардор қилган ҳолда кўриб чиқиш; паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги ёки айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги, мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш; прокурорнинг амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ёхуд маҳкумни жазодан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш; прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш; жиноят ишини суд муҳокамасига тайёрлаш; дастлабки эшитув ўтказиш, ишни муҳокама қилиш ва ҳукм чиқариш ёки бошқа қарор қабул қилиш; ишни апелляция, кассация тартибида кўриб чиқиш; ҳукмни ижро эттириш киради.
Юқори судлар, бундан ташқари, ўз ваколатлари доирасида қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назоратни амалга оширадилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишларни биринчи инстанция суди сифатида ва назорат тартибида кўради. У ўзи биринчи инстанция сифатида кўрган ишларни апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш (протест билдириш) ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг хоҳишига кўра апелляция ёки кассация тартибида кўриши мумкин. Апелляция тартибида кўрилган иш кассация тартибида кўрилмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;
суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлилини амалга оширади;
судларнинг кадрлари малакаси оширилишини ташкил қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди:
ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанция суди сифатида, апелляция, кассация тартибида кўради;
туманлараро, туман (шаҳар) судларининг суд фаолияти устидан назорат олиб боради, суд амалиётини умумлаштиради;
суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлилини амалга оширади;
судларнинг кадрлари малакаси оширилишини ташкил қилади;
қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди қонун билан унинг ваколатлари доирасига берилган фуқаролик ишларини ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.
Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди қонун билан унинг ваколатлари доирасига киритилган жиноят ишларини ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни, шунингдек қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ёхуд қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги, айбланувчини лавозимидан четлаштириш ҳақидаги, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги ёхуд айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш ҳақидаги, мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш ҳақидаги, амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ёхуд маҳкумни жазодан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқади.
Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий суди хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларда юзага келадиган низоларни ва корпоратив низоларни, шунингдек қонун билан унинг ваколатлари доирасига берилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.
Туман (шаҳар) маъмурий суди давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низоларни ҳамда қонун билан унинг ваколатлари доирасига берилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.
Мухаммади Жўраев
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси
Муҳокамага қўшилинг
Тавсия этамиз:
Изоҳлар (0)