Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » 1-январдан фуқаролик процессуал қонунчилигига қандай ўзгаришлар киритилди

1-январдан фуқаролик процессуал қонунчилигига қандай ўзгаришлар киритилди

30 январь 2024 йил
183
0
2023-йилнинг 25-декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилинди.
Мазкур қонун 2024-йил 01-январдан эътиборан кучга кирди.
Унга кўра, суд қарорларини қонунийлигини текширишни янги босқичлари жорий этилди.
Хусусан, вилоят судлари ишларни апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишларни тафтиш тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида қайта кўриладиган бўлди.
Бундай суд қарорларини қайта текшириш янги институтини яратилишига бир суд бир инстанция тамойили асосида иш юритиш ўзини оқламаганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий судида ишларни кассация тартибида кўриш ўта марказлашиб кетганлиги, фуқароларга ортиқча вақт ва сарф харажатларни юзага келтирганлиги сабаб бўлди.
Эндиликда ўрта бўғин, яъни вилоят судларига катта масъулият юкланди. Қонун билан ҳар бир суд инстанциясига якуний қарор қабул қилиш вазифаси топширилди.
Қонунни қуйидаги муҳим жиҳатларига тўхталиш жоиз бўлади.
Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни қабул қилган судга берилади.
Суд ҳужжатини қабул қилган суд апелляция шикояти (протести) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.
Апелляция шикояти (протести) суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.
Мазкур қонунга кўра, апеляция шикоятини эндиликда қабул қилиш, қайтариш ва қабул қилишда рад қилиш ҳақида шикоят келиб тушган кундан бошлаб беш кун муддатда ажрим чиқариш вилоят судининг судьяси ваколатига ўтказилди. Бу ҳам қонундаги муҳим ўзгариш бўлиб, биринчи инстанция судининг ишини анча енгиллаштиришга олиб келади.
Ўтказиб юборилган муддат, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва муддатни ўтказиб юбориш сабаблари узрли деб топилган бўлса, апелляция шикояти (протести) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра апелляция инстанцияси судининг судьяси томонидан тикланиши мумкин.
Демак, барча шикоятларни муддати тикланмайди. Суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб, уч ойгача бўлган муддатда берилган шикоятлар муддати, агар улар узрли бўлса тикланиши мумкин. Қолган ҳолларда тарафлар кассация тартибида шикоят бериш орқали суд қарори юзасидан низолашиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 3722-моддаси биринчи қисмининг 4-банди (билдирилган талаб бўйича суд томонидан суд ҳужжатининг қабул қилинмаганлиги) да ва 3724-моддаси иккинчи қисмининг 2 (иш суд томонидан суд муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, аммо суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинмаган шахслардан бирор-бири йўқлигида кўрилган бўлса) ва 4-бандлари (суд ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги масалани ҳал қилган бўлса)да назарда тутилган асослар аниқланганда, апелляция инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади.
Апелляция шикояти берилганда суд қарори ижроси тўхтатиб турилади. Бундан дархол ижро этилиши лозим бўлган ҳал қилув қарорлари мустасно.
Худди шундай қоидалар кассация инстанциясининг ваколатларига ҳам киритилди. Кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.
Суд қарорини қайта кўриш тафтиш инстанциясида иш юритиш  қуйидагича этиб белгиланди.
Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўрилиши лозим бўлган шикоят (протест) мазкур судлар номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда шикоятни (протестни) ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилиши лозим бўлган шикоят (протест) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига тафтиш тартибидаги протести бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.
Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг протести ушбу Кодекс 4194-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар мурожаат қилган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича ажрим қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига киритилиши мумкин.
Тафтиш инстанциясида апелляция ва кассация инстанциясидан фарқли равишда шикоят келиб тушганда суд қарори ижроси тўхтатиб туриши шарт эмас, балким суд бунга ҳақли эканлиги қонунда белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, қонунда тафтиш инстанциясининг кўрсатмалари қуйи судлар учун мажбурий эканлиги, шунингдек, тафтиш инстанцяси ишни узил кесил тамомласа ёки иш юритишни тугатган ҳолларда суд қарорини қайтарма ижросини ҳал этиши ёки бу борада тарафлар биринчи инстанция судига мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги аниқ белгилаб берилди. 
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ортишига, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда суд қарорлари бўйича ўз ҳудудида низолашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Казаков Бекзод Олимович
Фуқаролик ишлари бўйича
Дўстлик туманлараро суди раиси
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар