Қишлоқ аёллари доимо эътибор ва эъзозда
Эртага, 15 октябрь — Халқаро қишлоқ аёллари куни эканини билармидингиз? Ҳар йили 15 октябрда нишонланадиган Халқаро қишлоқ аёллари куни жамиятга қишлоқ аёлларидан қанча қарздорлигини ва уларнинг меҳнати қанчалик қадрли эканини эслатишни мақсад қилиб қўйган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2007 йилда қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган аёлларнинг муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, уларнинг аҳволи, турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида махсус резолюция қабул қилиниб, унга кўра 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни, деб белгиланди.
Барча жойларда бўлгани каби Мирзачўл туманида ҳам ушбу кунни янада кенг нишонлаш, қишлоқларда яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.
Бугун Жиззах вилояти, Мирзачўл тумани "Боғбон" ҚФЙда тумани ҳокими ўринбосари, оилани қўллаб-қувватлаш ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Д. Мавлонова томонидан маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир давомида туман ҳокими ўринбосари томонидан хотин-қизларга яратилган шароитлар, мавжуд имконият борасида тушунчалар бериб ўтди. Шунингдек, тадбирда фаол пиллакорлар, тадбиркор аёллар сўзга чиқишиб, ўзларининг фаолиятлари ҳақида йиғилганларга сўзлаб беришди.
Тадбирда Ўзбек-қозоқ маданият маркази томонидан маҳалла фаоллари учун концерт дастури намойиш этилди. Байрамона ташкил этилган маданий-маърифий тадбир ўйин-кулгулар билан ўзгача кайфиятда ўтди.
Тадбир сўнггида жамиятда ўзининг фаоллигини кўрсатиб келаётган қишлоқ аёллари ташкилотчиларнинг байрамона совғалари билан тақдирланишди.
Мирзачўл туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати