Жиззах муҳим сиёсий тадбирга тайёрми?
Шу кунларда Жиззах аҳли “Менинг танловим – обод Ватаним!” шиори остида мамлакатимиз ҳамжамиятидаги муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар сайловларига асосий диққат эътиборини қаратган.
Ўз навбатида вилоят ҳудудий комиссияси ва жойлардаги 553 та участка сайлов комиссия аъзолари ушбу жараёнга пухта ҳозирлик билан ҳар томонлама тайёр ҳолда етиб келганини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим.
Дарҳақиқат, бугун ҳар тўртта даврадошлар суҳбатининг учтасида жорий йилнинг 27 октябрида ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловлари ҳақида мунозаралар бораётганига гувоҳ бўласиз. Бунга етарлича асослар бор, албатта.
Биринчидан, сайлов қонунчилигига кўплаб ўзгартиришлар киритилганлиги сабаб бўлса, иккинчидан, жорий йилдаги сайловлар аввал тажрибада қўлланилмаган аралаш сайлов тизими асосида ўтаётганлигидир.
Кўпчиликнинг можаритар сайлов тизими билан пропорционал сайлов тизимидаги фарқлар ҳақида етарли даражада тушунчага эга эмаслиги бу борада олдимизда ҳали қиладиган ишларимиз бисёр эканлигидан дарак бериб турибди.
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлардан участка сайлов комиссиялари аъзоларининг аксарияти тўла хабардор эмаслигини ҳисобга олиб, жойларда участка сайлов комиссияси раислари, ўринбосарлари ва котиблари учун ўқув- семинарлар ташкил этилди. Ўқувлар 12 босқичда олиб борилиб, ушбу семинарларда малакали модераторлар сайлов қонунчилиги асослари, округ ва участка сайлов комиссиялари, уларнинг вазифалари, ваколати, ҳуқуқ ва бурчлари, комиссия жойлаштирилган хоналарни мезонлар асосида жиҳозлаш, овоз бериш хоналарини ташкил этиш, аҳоли ўртасида овоз бериш тартиби ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориш ва бошқа масалаларда билим кўникмаларини беришди. Ўқув- семинарлар якунида вилоятимиздаги 553 та участка сайлов комиссиясининг раҳбарияти таркиби махсус тайёрланган тест саволлари асосида синовдан ўтказилди.
Эндиликда бу билимлардан халқимиз, биринчи галда овоз берувчилар ҳам баҳраманд бўлиши лозимлиги ҳисобга олиниб, қатор учрашув, давра суҳбатлари ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Можаритар сайлов тизими ҳақида фуқароларимизнинг кўпчилиги яхши билади, чунки шу давргача ўтган барча сайловлар шу тизимга асосланган эди. Мажоритар сайлов тизими давлат ҳокимияти ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларини (парламент, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқалар), шунингдек, давлат раҳбарини сайлаш учун ўтказиладиган сайлов тизими бўлиб, унда, асосан, бир мандатли сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган ҳисобланади.
Бизда ўтган сайловларда можаритар тизим қўллаб келинган. Мамлакатимизда ўтган сайловлар амалиётидан маълумки, беш нафар номзод иштирок этган бир мандатли сайлов округларида биринчи турдаёқ овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг кўпчилиги овозини олиш осон бўлмаган. Шунинг учун сайловларда иккинчи турлар ўтказиб келинган. Бу, албатта, вакиллик органларини тўлиқ шакллантиришда қўшимча вақт талаб қиларди. Такрорий овоз беришни ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун қўшимча ресурс ва маблағ сарфланган.
Пропорцианал сайлов тизимида мажоритар сайлов тизимидан фарқли ўлароқ, сайловчи бевосита депутатликка номзод шахсга эмас, балки сайловда иштирок этаётган, депутатликка номзодлар рўйхатини тақдим этган сиёсий партияга овоз беради. Сайлов кодексига мувофиқ, Қонунчилик палатасидаги 150 та депутатлик ўрнидан 75 таси пропорционал сайлов тизими бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб ҳолда тақсимланади. Ҳар бир партия рўйхатида 75 нафардан 100 нафаргача депутатликка номзод мавжуд.
Сайлов якуний натижаларига кўра, бирор сиёсий партия 50 фоиз сайловчилар овозини олган тақдирда ҳам у томонидан тақдим этилган рўйхатдаги депутатликка номзодларнинг кўпи билан 38 нафари депутат этиб сайланади, партия рўйхатида қолган 37 нафардан 62 нафаргача номзод захирада туради. Пропорционал сайлов тизими бўйича қайси партиядан сайланган депутатнинг ваколати муддатидан илгари тугатилса, унинг ўрни ушбу партиянинг партия рўйхатида захирада бўлган депутатликка номзодларнинг навбатдагиси ҳисобига тўлдирилади.
Сайловнинг мамлакат ҳаётидаги алоҳида ўрни бор. Шунинг учун сайлов жараёнларига юртдошларимизни кенг жалб этиш мақсадида 27 октябрдаги сайлов “Менинг танловим – обод Ватаним!” шиори остида ўтади.
Сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди.
Сайлов янгиланган Конституция мустаҳкамлаган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган бир шароитда ўтмоқда. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 12 тадан 18 тага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилди.
Давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида аввал ҳокимлар ваколатида бўлган 33 та ваколат маҳаллий Кенгашларга ўтказилди. Бу эса партиялар ва номзодлар ўртасида фаол рақобат муҳитини шаклланишига хизмат қилади.
Сайлов қонунчилигида Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайловга 65 кун қолганида бошланиб, 45 кун қолганида тугаши белгилаб қўйилган. Эндиликда Қонунчилик палатасига аёлларнинг салмоғи бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек, партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар 5 нафар номзоднинг 2 нафари аёл киши бўлиши лозим.
Аёлларнинг салмоғи сиёсий партиядан кўрсатилган маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар умумий сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши шарт.
Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда миллий сайлов тизимига “E-Saylov” ахборот тизимининг жорий этилгани бу йилги сайловлардаги муҳим янгиликлардан яна биридир. Бу ахборот тизими орқали мамлакатимизда сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари билан деярли 60 турдаги муносабатлари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади. Мазкур тизимда 400 мингга яқин сайлов жараёни иштирокчилари, жумладан, сайлов комиссиялари аъзолари, депутатликка номзодлар, кузатувчиларга оид катта маълумотлар базаси шаклланади.
Ахборот тизимидан 32 минг нафар сайлов жараёни иштирокчилари профессионал тарзда фойдаланишади. Фойдаланувчилар билан 40 турдаги SMS-хабарномалар орқали мулоқот ўрнатилади. “E-Saylov” ахборот тизимида фуқаролар учун ҳам сайловга оид ахборотларни олишда бир қатор қулайликлар жорий этилган. Хусусан, ахборот тизими сайловчилар ва сайлов участкаларига оид статистик маълумотларни олиш, барча турдаги сайловлар бўйича депутатликка номзодлар ҳақида ахборотга эга бўлиш, интерактив хариталарда депутатликка номзодлар ва уларнинг таржимаи ҳоли билан танишиш имконини беради.
Сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодларни рўйхатга олиш тугаган куннинг эртасидан, яъни 22 сентябрдан эътиборан бошланиб, сайловларга бир кун қолганида тўхтатилади.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловини ўтказувчи 543 та участкага 5513 нафар участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 5 июндаги 1337-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бўйича вилоят ҳудудий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун “E-Saylov” ахборот тизими орқали тавсия этилган эди.
Шунингдек, мазкур Низомнинг 17-бандига мувофиқ, 10 та ҳарбий қисм, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларининг раҳбарлари томонидан 70 нафар участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар мазкур муассаса ходимлари орасидан ҳудудий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилди. Номзодлар ҳудудий сайлов комиссияси томонидан чуқур ўрганилиб, хато ва камчиликлар бартараф этилди. Комиссия вилоят ҳудудида участка сайлов комиссиялари таркибини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинган.
Бугун сайловолди ишлари ўзининг айнан қизғин палласига кирди. Мамлакатимиз ва жамиятимиз келажагини белгиловчи бу сиёсий жараёнда ҳар бир юртдошимиз ўз фаоллигини намоён этиб, 27 октябрда ўзи маъқул деб билган номзодга ва партияга овоз беради, деб ўйлайман. Зеро, жиззахликлар доим ўз тақдирини Ватан тақдири билан бир деб билишган.
Шавкат Шарипов,
Жиззах вилояти ҳудудий
комиссияси раиси.