Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ РАИСИ (ОҚСОҚОЛИ) САЙЛОВИ – МУҲИМ ДЕМОКРАТИК ЖАРАЁН

МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ РАИСИ (ОҚСОҚОЛИ) САЙЛОВИ – МУҲИМ ДЕМОКРАТИК ЖАРАЁН

12 май 2022 йил
7 600
0

Маҳалла – бу ўзини ўзи бошқаришнинг ўзига хос ўзбекона, бошқа мамлакатларда ўхшаши топилмайдиган модели бўлиб ҳисобланади.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари фуқароларимиз ҳаётида ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларда шу қадар беқиёс ўринга эгаки, ислоҳотларни бевосита маҳалла фуқаролар йиғинларисиз тасаввур қилиш қийин.

Маълумки, Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 16 мартдаги КҚ-320-IV-сонли қарорига асосан фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати 2022 йилнинг май ойида тугаши муносабати билан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг навбатдаги сайлови 2022 йилнинг май ойида ўтказилиши белгиланди ҳамда навбатдаги сайловда 9349 нафар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайланиши кутилмоқда.

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови муҳим демократик жараён ҳисобланади, чунки айнан мазкур сайловлар орқали Ўзбекистон фуқаролари ўзлари яшаб турган ҳудуддаги маҳаллаларга раис (оқсоқол)ни сайлаб олишади.

Мазкур жараёнлар, яъни шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги, овуллардаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги 15.10.2018 йилдаги ЎРҚ-499-сонли қонуни билан тартибга солинади.

Мазкур қонуннинг 3-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга бўлади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиши мумкин эмас.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

Қонун 5-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш очиқ ҳамда ошкора амалга оширилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ташкил этилаётганда ҳамда ўтказилаётганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида фуқаролар воқиф этилади, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар ҳақида, овоз бериш якунлари тўғрисида хабардор қилинади. 

Қонун 6-моддасида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига икки ва ундан кўп номзод кўрсатилган ҳолда амалга оширилиши назарда тутилган.

Қонун 8-моддасига кўра Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан уч йилга сайланади.

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳудудида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар комиссиялари тузилади ва комиссиялар таркибига, қоида тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, фуқаролар йиғинларининг, давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари киритилади.

Қонуннинг 16-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

Ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни тайёрлайди ва туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этади. Ҳужжатларга фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларнинг ўз номзоди кўрсатилишига ёзма розилиги илова қилинади.

Туман ёки шаҳар ҳокими фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади ва ўзининг ушбу номзодлар бўйича асослантирилган хулосаларини кейинчалик ишчи гуруҳларга топшириш учун тегишли комиссияларга юборади.

Ишчи гуруҳ туман ёки шаҳар ҳокимининг хулосасини олганидан кейин фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига келишилган номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга осиб қўяди.

Қонуннинг 17-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.

Қонуннинг 20-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш яширин овоз бериш орқали амалга оширилади.

Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланган деб ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови муҳим демократик жараён бўлиб, мазкур сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларимиз унда фаол иштирок этиш орқали давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни бевосита маҳаллада амалга оширувчи шахсни танлаш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Нажмиддин МАМАДАЛИЕВ

Мирзачўл туман Юридик хизмат

кўрсатиш маркази Бош юрисконсульти

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар