Жиззахдаги кўҳна афсоналар ошёни
Дунёдаги энг йирик игна баргли дарахтлардан бири, Можрумнинг асрларга тенг машҳур арчаси жойлашган ҳудуд киши баҳри дилини очадиган сой бўйидаги кичик ўрмонзордан иборат. Қирларда эски уйлар, масжид ва қалъа вайроналари кўзга ташланади. Ҳақиқий эртакка тушиб қолгандек бўласиз...
Можрум арчаси “Нурота” давлат қўриқхонаси билан қишлоқ чегарасида жойлашган. Танасининг диаметри тахминан 24 метр, баландлиги эса 20 метр бўлиб, маҳаллий аҳолининг айтишича, унинг ерга қадалганига тахминан 2,5 минг йил бўлган. Оғиздан-оғизга кўчиб келаётган афсоналарга кўра, арча бир кечада униб чиққан. Яна бирида айтиладики, саркарда Александр Македонский юқори мартабали саркардаларини дафн қилганидан сўнг қабр ёнига савр арчасини экиш одати бўлган. Шу боис, бу арчани Македонский эккан дейишади.
Мазкур арча назоратчиси, қишлоқда яшовчи Шакарбой ака Шукуров бу арча Македонскийдан ҳам олдин, мавжуд бўлган дейди. Арчада шифобахш хусусиятлар бўлиб, киши саломатлигига даво саналади. Тагидаги ковак тупроғидан чилла тушган чақалоқларга суртилса, фойда қилади.
—1967 йилда Тошкент шаҳридан бир гуруҳ профессорлар келиб, асбоб-ускуналари билан дарахтнинг ёшини аниқлашга уринишди, — дейди Шакарбой Шукуров. – Улар орасида сентоблик профессор Фозилов ҳам бўлиб, арчанинг ёши 25 асрга тенг деган эди. 1933 йилларда дарахт танасидаги ковак девор билан ўралган ва қишлоқ болалари учун мактаб вазифасини ўтаган. Бу ковакка саккиз киши сиққани учун ҳар куни шунчадан ўқувчи ўқитилган.
Арча орқасида кўҳна масжид бўлиб, у тахминан 1910 йилларда қурилган. Ҳозирда эскириб вайрона кўринишга келиб қолган, чўккан бўлсада, чиройли нақшлар солинган устунлари сақланиб турибди. Бу иншоот бугунги кунда маданий мерос объекти сифатида рўйхатга киритилган.
— Нақлларга кўра, арчанинг рўпарасидаги қирда Македонский давридан ҳам илгари 300 метрлик ғор бўлган, — дейди Шакарбой ака. —Мана бу чордарадан бостириб келадиган талончиларни катта палахмон тош ускунасида тошбўрон қилишар, аёллар, болалар ва кексалар эса қочиб шу ғор ичида жон сақлаган экан. Ҳозирда ғор оғзи беркилиб қолган. Масжид рўпарасида, қирларда аждодларимиз яшаган, 80-90 йиллар илгари бу ерда минг хўжалик истиқомат қилган. Кўриб турганингиздек, бу ерда фақат эски уйларнинг қолдиқлари, харобаси сақланиб турибди. Қишда бу қирлар, сойлик жуда иссиқ бўлган. Ҳайит, рамазон намозлари пастда аҳоли яшайдиган жойда эмас, мана шу масжидда ўқилган.
Сойликнинг узунлиги 20-28 километрни ташкил қилади. Ҳар томони ёнғоқ, дўлана, жийда дарахтлари билан ўралган, тоғда тўнғиз, тоғ эчкиси олқор, какликлар бор. Маълум бўлишича, бу ерда катта бозор бўлиб, маҳаллий аҳоли ва қўшни қирда яшовчилар ўзлари етиштирган сабзавот ва меваларни олиб келиб, сотишган, алмашишган. Болалиги шу ерда ўтган қозоғистонлик 100 ёшли Иқлим Худоёрованинг айтишича, маҳаллий аҳоли қир тепасида деҳқончилик қилишган. Бу ерда қалъа бўлган, қишда шу ерда яшаб, қалъада мактаб болаларини ўқитишган.
Маълумотларга кўра, 1981 йилгача бу ерлар қўриқхона ҳудудига қарашли бўлган. 2008 йилда пойтахтдан шу қадимий дарахтни ўрганиш, унинг тарихини тарғиб қилиш учун тарихчилар, журналистлар юборилади. Кўплаб чет элликлар ташриф буюришади. Шундан сўнггина одамлар ташрифига рухсат берилган. Эндиликда уни томоша қилиш, ўрганиш мақсадида ҳар йили 800-500 дан ортиқ сайёҳлар ташриф буюришади.
—1986 йилда америкалик бир сайёҳ келди, қўлида шу арчанинг, масжиднинг сурати тасвирланган бир парча китоб бор эди, — дейди Шакарбой Шукуров. — У менга бу ерлар Искандар келган даврдан ҳам олдин мавжуд бўлган деди. Унинг маълумотига кўра, бу ерда Македонскийнинг бир лашкарбошиси вафот этган бўлиб, унинг оти, эгарлари олтиндан бўлган. Бу борада бошқа бир тахминлар ҳам йўқ эмас. Бу ерда бир мулла ўтган бўлиб, вафот этганида тиллолари билан дафн этишган. Ўтган йилларда менинг йўғимда Самарқанд вилоятидан бир фолбин аёл келиб, тошдан белгилар қўйиб кетибди. Самарқанд шаҳридан яна бир гуруҳ келиб, эски тангалар, узуклар топишди, яна келамиз, деб қайтиб келишмади. Самарқанддан яна икки аёл келиб ғор ҳақида сўради. Уларнинг айтишича, бу ерда Македонскийнинг уйи бўлган эмиш. Унамаганимдан сўнг, нима сўрасангиз берамиз, бизни шу ғорга олиб чиқиб кўрсатинг, дейишди. Ғорнинг беркилиб кетганини кўришгач, бу ерни ковлаб бўлмас экан, одамни босиб қолади деб қайтиб кетишди.
Мана шундай сир-синоатларга, ғаройиб воқеликларга тўла бу қадимий ошён... Айтишларича, савр бу тоғлардаги ягона арча, у бир йилда бор-йўғи 1 сантиметр ўсади. Бу ҳайбатли, шохлари буралиб ажиб нақшлар ҳосил қилган дарахтга қараб, неча асрларни қаритган экан, дея ўйланиб қоласиз. Мусаффо ҳаво, кичик сойликдан шарқираб, балиқлари ўйнаб оққан зилол сув, кекса тут ва чинорлар уйғунликда ажиб бир манзара кашф қилган. Келгусида бу масканга алоҳида эътибор қаратилиб, гўзал бир сайёҳлик йўналиши бўлиб қолади, деган умиддамиз