Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жинояти ҳақида
Қонунда белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаш ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчи ҳисобланади.
Қонунда белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлашнинг ижтимоий хавфлилиги солиқ тўловчилар томонидан солиқлар ва йиғимларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлашга оид мажбуриятни қасддан бажармасликдан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига пул маблағлари тушмай қолишига олиб келади.
Солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бошқа тарзда қасддан бўйин товлаш солиқ тўловчининг давлат солиқ хизмати органларига солиқ ҳисоботи ҳужжатларини ёки солиқ қонунчилигига мувофиқ тақдим этилиши шарт бўлган бошқа ҳужжатларни қасддан тақдим этмаслик ёки солиқ ҳисоботи тақдим этилганидан сўнг содир этилган, солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида тўлов қобилиятсизлиги ҳолатини сунъий равишда вужудга келтиришга қаратилган қилмишларда ифодаланади.
МЖтК 174-моддасининг биринчи қисми, ЖК 184-моддасининг биринчи қисми диспозицияси бланкет (ҳаволаки) бўлиб, шу сабабли “даромадлар”, “фойда”, “солиқ солинадиган объектлар”, “солиқлар”, “йиғимлар” каби тушунчалар мазмунини аниқлаш учун қилмиш содир этилган пайтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси нормаларидан келиб чиқиш лозим.
СКнинг 17-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, солиқларга қуйидагилар киради:
1) қўшилган қиймат солиғи; 2) акциз солиғи; 3) фойда солиғи; 4) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи; 5) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ; 51) фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи; 6) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ; 7) мол-мулк солиғи; 8) ер солиғи; 9) ижтимоий солиқ.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йиғимлар ҳам белгиланиши мумкин. Йиғимларни жорий этиш, ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби СК ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
Чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимни ҳамда алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби СК билан тартибга солинади.
Қонунда солиқлар ва йиғимларни тўлашдан анча миқдорни ташкил қилмаган миқдорда қасддан бўйин товлаш ёки биринчи марта анча миқдорда содир этилганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланган МЖтК 174-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлар.
Агар шахс солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун МЖтК
174-моддасининг иккинчи қисми бўйича маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг бир йил давомида шундай қилмишни яна анча миқдорда содир этса,
ЖК 184-моддасининг биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарлик келиб чиқади.
Шуни назарда тутиш лозимки, агар солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик натижасида кўп ёки жуда кўп миқдорда зарар етказилган бўлса, жиноий жавобгарлик маъмурий преюдицияга риоя қилинмаган ҳолда тегишлича, Жиноят кодекси 184-моддаси иккинчи қисмининг “б” банди ёки учинчи қисми бўйича келиб чиқади.
Шахснинг ҳаракатларини тўғри квалификация қилиш учун суриштирув, тергов органлари ва судлар, барча ҳолларда, солиқлар тўланмаганлиги оқибатида етказилган моддий зарар миқдорини синчиклаб аниқлашлари, бунда ЖК 184-моддаси мазмунига кўра, шахс томонидан яширилган ёки камайтириб кўрсатилган солиқ солинадиган объекти катталиги (қиймати) эмас, балки фақат тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаси тушунилиши лозимлигини назарда тутишлари керак.
МЖтК 174-моддаси, ЖК 184-моддаси бўйича жавобгарлик келиб чиқишининг зарур шарти - солиқ ёки бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлашга нисбатан қасднинг мавжудлиги бўлиб, у ҳаракатда ҳам, ҳаракатсизликда ҳам намоён бўлиши мумкин.
Фойдани ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни (солиқ базасини) қасддан яшириш, камайтириб кўрсатиш белгилари, жумладан, қуйидагилар:
товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум суммасини ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаслик;
товарлар реализация қилинганлигидан далолат берувчи ҳужжатларни алмаштириш, сохталаштириш ёки йўқ қилиш ёхуд уларни текшириш учун тақдим этишни рад этиш;
қалбаки бирламчи бухгалтерия ҳужжатларидан фойдаланиш;
ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги;
расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва реализация қилиш;
назорат-касса техникасининг фискаль хотираси хизмати дастурига ноқонуний равишда ўзгартириш киритиш;
фойдаланилмаган моддий харажатларни фойдаланилган деб, ишлаб чиқариш ҳисоботига қўшиш;
товарларни сотиш (хизмат кўрсатиш)дан олинган тушумни ҳисобот давридан кейинги даврга ўтказиш (сотиш ҳажмини ва даромад (фойда)ни қасддан камайтириш);
моддий, ёқилғи-энергетика ресурслари харажатларини ва амортизация (эскириш) нормасини сунъий равишда ошириш ёки норматив (лимит)ларни нотўғри қўллаш;
иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган ходимларнинг ҳақиқий иш ҳақи суммаси солиқ ҳисоботида акс эттирилмаганлиги;
меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ходимларнинг солиқ ҳисоботида акс эттирилмаганлиги;
реализация қилинган товарлар қийматини ҳисоб ҳужжатларида ҳақиқатда реализация қилинган қийматидан пасайтирилган нархлар бўйича акс эттириш ва ҳ.к.
МЖтК 174-моддаси ва ЖК 184-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларга доир ишлар бўйича юқорида қайд этилган ёхуд бошқа бирор-бир белгиси аниқланишидан ташқари, шахснинг қилмишида солиқларни тўлашдан бўйин товлашга нисбатан тўғри қасд (ЖК 21-моддаси) мавжудлиги исботланган бўлиши шарт.
Солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича шуни эътиборга олиш керакки, агар солиқ тўловчи субъектларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ЖК 184-моддаси диспозицияси билан қамраб олинса, нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш жинояти ва бошқарув тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари билан қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди.
Қонунга кўра, шахс қуйидаги ҳолатлардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас:
солиққа оид ҳуқуқбузарлик ҳолатининг мавжуд эмаслиги;
солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этишда шахснинг айби мавжуд эмаслиги;
солиқ органининг ёки бошқа ваколатли органнинг солиқни (йиғимни) ҳисоблаб чиқариш, тўлаш тартиби тўғрисида ёки солиқ тўғрисидаги қонунчилик қўлланилишининг бошқа масалалари бўйича ўз ваколатлари доирасида солиқ тўловчига ёхуд номаълум доирадаги шахсларга берган ёзма тушунтиришлари солиқ тўловчи томонидан бажарилганлиги;
солиқ мониторингини ўтказиш даврида солиқ органининг солиқ тўловчига юборилган асослантирилган фикри солиқ тўловчи томонидан бажарилганлиги.
Қонунга кўра, агар бир турдаги солиқлар учун тўланган пул суммаси бошқа турдаги тўловлар учун қасддан тўланмаган суммалар ўрнини тўлиқ қоплаcа, шахс жавобгарликка тортилмайди. Агар бир турдаги солиқлар учун ортиқча тўланган сумманинг миқдори бошқа турдаги тўловлар учун қасддан тўланмаган сумманинг миқдорини қисман қопласа, шахснинг айбдорлик масаласи тўланган ва тўланмаган суммалар орасидаги фарқ миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳал этилади.
Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш тариқасидаги жиноят тегишли солиқ даври учун солиқ қонунчилигида белгиланган муддатларда солиқ тўланмаслиги ҳолати келиб чиққан пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
СК 73-моддасига кўра солиқ даври календарь йилига мос келади.
МЖтК 174-моддаси ва ЖК 184-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликнинг субъекти 16 ёшга тўлган, солиқ солинадиган даромад (фойда)га эга бўлган ва қонунга мувофиқ давлат солиқ органларига даромадлари ҳақида декларация тақдим этишга мажбур бўлган жисмоний шахс ҳисобланади.
МЖтК 174-моддаси ва ЖК 184-моддасида белгиланган жавобгарликка солиқ тўловчи-юридик шахс раҳбари ва бош (катта) бухгалтери ёки бошлиқ ва бош бухгалтер вазифаларини амалда бажараётган ходимлари, шунингдек, бухгалтерия, банк-молия ҳужжатларини тузиш, имзолаш ҳуқуқига эга бўлган ва бухгалтерия ҳужжатларига даромад ёки харажатлар тўғрисида сохта маълумотлар киритган ёхуд солиқ солинадиган бошқа объектларни яширган ўзга хизматчилари тортилишлари мумкин.
Солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноят ишлари юзасидан суриштирув, тергов юритиш ҳамда уларни судда кўришда бундай жиноятларни яширишга кўмаклашган барча шахсларни аниқлаш чоралари кўрилиши шарт.
ЖК 184-моддасида назарда тутилган жиноятга раҳбарлик қилган
ёки ушбу жиноятни содир этишга солиқ тўловчи ташкилот бошлиғи, бош (катта) бухгалтери, бошқа хизматчиларини ундаган ёхуд ўзининг маслаҳатлари, кўрсатмалари билан жиноятни содир этишга кўмаклашган шахслар ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчи сифатида ЖК 28-моддаси ва 184-моддасининг тегишли қисми бўйича жавобгарликка тортиладилар.
Назорат-касса техникаси фискаль хотираси хизмати дастурига ноқонуний ўзгартириш киритиш йўли билан даромад (фойда)ни яширишда солиқ тўловчига кўмаклашган шахслар ҳам солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлашда иштирокчи сифатида жавобгарликка тортиладилар.
ЖК 184-моддасида назарда тутилган қилмишни икки ва ундан ортиқ маротаба ягона қасд билан қамраб олмаган ҳолда содир этган шахснинг ҳаракати солиқ тўлашдан такроран бўйин товлаш сифатида квалификация қилиниши лозим. Бунда шахс жиноятни бажарувчи ёки унинг иштирокчиси эканлигининг, муқаддам содир этилган қилмиш тугалланган жиноят ёки жиноятга суиқасд бўлганлигининг аҳамияти йўқ.
Шахснинг ҳаракатларида солиқларни тўлашдан такроран бўйин товлаш белгиси мавжудлиги масаласини ҳал этишда Жиноят кодексининг 32-моддасида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиш лозим.
Қилмишни солиқларни тўлашдан бўйин товлаш сифатида МЖтК 174-моддаси ва ЖК 184-моддасининг тегишли қисми бўйича квалификация қилиш учун асос бўлган солиқ миқдорини пул суммасида белгилашда, ҳуқуқбузарлик тугалланган вақтда амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиш лозим. Бунда СК 4-моддаси, МЖтК 9-моддаси ва ЖК 13-моддаси талабларига риоя этилиши шарт.
Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади.
ЖК 184-моддасида назарда тутилган жиноятни биринчи маротаба содир этган, шу жумладан, мазкур модда бўйича судланганлиги тугалланган ёки олиб ташланган шахс ушбу асосларга кўра жавобгарликдан озод этилади.
Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунларни қўллаш билан боғлиқ ишларни кўришда, судлар шуни назарда тутишлари керакки, судланувчининг ҳаракатларида жиноят таркиби бор-йўқлиги билан боғлиқ ҳолатлар бошқа далиллар билан бир қаторда эксперт хулосаси, солиқ текшируви далолатномаси, тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатнома, давлат солиқ хизмати органининг солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қарорлари асосида ҳам аниқланиши мумкин.
Шахснинг айбдорлигига оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имконияти тугаган бўлса, солиқ тўловчининг фойдасига ҳал қилинади.
Солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноят ишлари Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасига, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш МжТК 271-моддасининг 5 ва 7-бандларига мувофиқ тугатилган тақдирда, мазкур тўловлар тўланмаганлиги оқибатида етказилган зарарни ундириш масаласи фуқаролик судлов ишларини юритиш тартибида ҳал қилинади.
Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноят ишларини кўришда, судлар солиққа оид жиноятлар содир этилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлашлари ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан хусусий ажримлар чиқаришлари зарур.
Жиноят кодекси 184-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги учун жазо ўтаётган шахсларга нисбатан жиноят ишлари ҳам ЖК 184-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, ЖПК 84-моддаси биринчи қисми 8-банди тартибида тугатилиши лозим.
Қонун амалга киритилгунга қадар ҳукм қилинган, бироқ жазони ўтаб бўлмаган шахсларга нисбатан, шунингдек, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларга нисбатан суд қарорларини Қонунга мувофиқлаштириш масаласи Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда юқори инстанция суди томонидан кўриб чиқилади.
Мухаммади Жўраев
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси
Муҳокамага қўшилинг
Тавсия этамиз:
Изоҳлар (0)