Суд харажатларини ундириш бўйича қонунчиликка киритилган ўзгаришлар: амалиётдаги янгиликлар
2024 йил 16 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиётини такомиллаштириш мақсадида қатор ўзгартиш ва қўшимчаларни қабул қилди. Ушбу қарор қонунчилик нормаларини янада самарали қўллашни таъминлаш ҳамда суд амалиётида ягона ёндашувни шакллантиришга қаратилган.
Суд харажатлари билан боғлиқ асосий ўзгаришлар
Қарорга асосан, суд харажатларининг ундирилишида электрон ва рақамли тўловлар муҳим ўрин эгаллайди. Энди давлат божи ва бошқа тўловларни амалга оширишда “тўлов топшириқномаси”дан ташқари, электрон тўлов тизимидан олинган маълумотлар ҳам қонуний далил сифатида қабул қилиниши мумкин.
Қарорда апелляция ва кассация шикоятлари қаторида тафтиш шикоятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, тафтиш шикояти бўйича давлат божи тўланмаган тақдирда, шикоят қайтарилмасдан кўриб чиқилса, давлат божи умумий тартибда ундирилиши белгиланди.
Давлат божи ундириш ва қайтариш масалалари аниқлаштирилди. Масалан:
- Агар давлат божи нотўғри ёки етарли даражада тўланмаган бўлса, суд аризачига бу камчиликларни бартараф этиш учун муддат белгилайди.
- Шикоятдан воз кечилган ёки шикоят кўрмасдан қолдирилган ҳолларда, тўланган давлат божи қайтарилмайди, тўланмаган давлат божи шикоят берувчидан ундирилади.
- Жисмоний шахслар ёки кичик тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш учун қилинган мурожаатларда давлат божи белгиланган талабларга мувофиқ ундирилади.
Келишув битимлари асосида суд харажатлари тақсимланиши масаласига ойдинлик киритилди. Агар келишув битимида харажатларни тақсимлаш бўйича шарт мавжуд бўлса, суд давлат божини шу келишувга мувофиқ тақсимлайди. Келишувда шарт мавжуд бўлмаса, харажатларни тақсимлаш умумий тартибда ҳал этилади.
Суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар иш натижасига кўра ишда иштирок этувчи шахслардан ундирилади.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатлари кўзлаб қилинган мурожаатларда давлат божини тўлаш тартибига қатор енгилликлар киритилди. Уларнинг талаблари қондирилмаган тақдирда ҳам давлат божи ундирилмайди.
Ушбу ўзгартишлар суд амалиётида аниқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда суд жараёнларини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади. Айниқса, рақамли технологиялардан фойдаланиш амалиётининг кенгайтирилиши суд-ҳуқуқ тизимида замонавий ечимларни жорий этишга янги имконият яратади.
Бу ўзгаришлар нафақат суд ишларини осонлаштиради, балки фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳам катта аҳамият касб этади.
А.Сайфитдинов
Жиззах вилоят маъмурий
судининг судьяси